Ҳурматли автоташувчилар!
13 август куни AIRCUZ ходимлари Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда транспорт-логистика компаниялари вакиллари иштирокидаги делегация таркибида Туркманистоннинг Ўзбекистондаги Элчихонасида ўтказилган йиғилишда иштирок этди.
Йиғилиш давомида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги транспорт-логистика фаолияти, мавжуд муаммоли масалалар ва ушбу йўналишни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
AIRCUZ вакиллари Ўзбекистон ташувчилари томонидан Туркманистон йўналишида халқаро автомобиль юк ташувларини амалга оширишда учраётган муаммоларни маълум қилди ва мавжуд қийинчиликлар тегишли тарзда ҳал этилган тақдирда ушбу йўналишдаги ташувларни ривожлантириш салоҳиятига эътибор қаратди.
🛂 Туркманистон визаларини расмийлаштириш
Туркманистон Элчихонаси томонидан халқаро автомобиль юк ташувларини амалга оширувчи Ўзбекистон фуқаролари — ҳайдовчилар учун Туркманистонга кириш визаларини расмийлаштириш имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланишича, ҳозирги вақтда Элчихона томонидан виза бериш жараёни муддатлар, талаб этиладиган ҳужжатлар ва йиғимлар бўйича қатъий стандартлаштирилган ҳамда мунтазам равишда ҳеч қандай муаммо ва қийинчиликларсиз амалга оширилмоқда.
Транспорт компанияси ўз ҳайдовчиси учун Элчихонага ҳужжат топширганда, компаниянинг рўйхатдан ўтганлиги ва фаолиятига оид белгиланган ҳужжатлар тўпламини бир марта тақдим этиши талаб қилинади.
📌 Транспорт компаниялари ва ҳайдовчилар фаолиятини енгиллаштириш мақсадида Элчихона узоқ муддатли кўп марталик визаларни олишни тавсия этади. Бундай виза амал қилиш муддати давомида ҳар бир сафар олдидан янги виза сўрамасдан Туркманистонга бир неча марта кириш имконини беради.
Заруратга кўра, визани шошилинч (тезлаштирилган) тартибда расмийлаштириш мумкин. Бунда тезкорлик учун қўшимча тариф йиғими ундирилади.
☎️ Зарур ҳужжатлар, уларни топшириш ва кўриб чиқиш тартиби, қўлланиладиган тарифлар ҳамда бошқа тегишли масалалар бўйича Туркманистон Элчихонасининг Консуллик бўлимига мурожаат қилиш мумкин:
+998 91 785-01-17
⚠️ Ҳайдовчилар учун муҳим эслатма
Туркманистон Элчихонаси мамлакат ҳудудида чекиш ва снюс/носвой истеъмоли бўйича тегишли чекловлар, шунингдек уларни олиб кириш ва ноқонуний муомаласига нисбатан тақиқлар амал қилишини эслатади.
Сигарет олиб киришда 2 пачкадан ортиқ бўлмаган миқдорга рухсат этилади. Белгиланган чекловлардан ортиқ миқдорда бундай маҳсулотларни олиб киришга уриниш ёки ҳайдовчиларда аниқланиши тегишли жарима санкцияларига, ҳатто қоидабузарни депортация қилишгача олиб келиши мумкин.
AIRCUZ Туркманистон йўналишида ташувларни амалга оширувчи компаниялардан ушбу маълумотни инобатга олиш ва унга амал қилишни сўрайди.