Сўнгги вақтларда Ўзбекистон миллий ташувчилари Европа Иттифоқи давлатларидаги пудратчилар иштирокидаги турли ишончсиз ташув схемалари сабабли муаммоларга дуч келаётган ҳолатлар кўпаймоқда. Шу муносабат билан AIRCUZ халқаро ташувларни амалга оширишда бир қатор муҳим тавсияларга эътибор қаратишни сўрайди.

📌Ташувчиларга асосий тавсиялар:

1️⃣ Фақат ишончли ва текширилган буюртмачилар, экспедиторлар ва юк жўнатувчилар билан ишлашга ҳаракат қилинг. WhatsApp, Telegram ва бошқа мессенжерларда номаълум мижозлардан келган шубҳали бир марталик буюртмалардан эҳтиёт бўлинг.

2️⃣ Ташув буюртмачиси ким эканини, ким номидан ишлаётганини ва унинг юридик реквизитлари ҳамда масъул шахслари алоқа маълумотларини олдиндан текширинг. Ортиқча воситачилар иштирок этадиган мураккаб схемалардан сақланинг.

3️⃣ Рейсни бошлашдан аввал юк бўйича тўлиқ ҳужжатлар тўпламини талаб қилинг ва мижоз билан манфаатларингизни ҳимоя қилувчи батафсил ташув шартномасини тузинг. Юкни олиб чиқиш ёки белгиланган маршрут бўйича ташишга тақиқлар ва санкция чекловлари мавжудлигини олдиндан аниқлаш муҳим.

4️⃣ Агар ҳайдовчи юклаш жараёнида иштирок этмаган ёки юк таркибини текшириш имконига эга бўлмаган бўлса, бу ва бошқа эътирозларни CMR юкхатининг 18-графасида барча асл нусхаларда қайд этинг.

5️⃣ Ташувчининг юк учун жавобгарлигини CMR суғуртаси орқали суғурталаш, суғурта компаниясининг ишончлилиги, ҳудудий қамрови ва товон тўлаш шартларини диққат билан текшириш тавсия этилади.

6️⃣ Буюртмачи билан юзага келган муаммоларни расмий хатлар орқали қайд этинг ва уларни расмий электрон манзилларга юборинг. Бу ҳужжатлар кейинчалик низоларни ҳал қилишда муҳим бўлиши мумкин.

7️⃣ Муаммо юзага келганда AIRCUZ ёки тегишли ваколатли органларга имкон қадар тез мурожаат қилиш тавсия этилади.

❗️Ташувни бошлашдан олдин буюртмачи, юк, ҳужжатлар ва ташув шартларини пухта текшириш кейинчалик юзага келиши мумкин бўлган молиявий ва ҳуқуқий хавфларни камайтиришга ёрдам беради.