Қозоғистонда ЕОИИ ҳудудида ташувларни кузатиб боришнинг 2-босқичи бошланиши муносабати билан зарур миқдордаги навигация пломбаларини етказиб беришда кечикиш юзага келди. Натижада навигация пломбалари вақтинча етишмаслиги сабабли 2-босқич талабларига тушадиган барча ташувларга уларни қўллаш имкони бўлмади.
Шу муносабат билан транзит юкларни ўз вақтида расмийлаштириш, транспорт воситаларининг тўпланиб қолиши ва бекор туришининг олдини олиш мақсадида Қозоғистоннинг ваколатли органлари 2026 йил 31 августга қадар (шу кунни ҳам қўшган ҳолда) биринчи босқичда амал қилган навигация пломбаларини қўллаш тартибини вақтинча сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.
📅 Қозоғистон 2-босқични 2026 йил 1 сентябрдан амалга оширишни режалаштирмоқда.
🚛 AIRCUZ ташувчиларидан олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистон–Қозоғистон чегарасидаги айрим чегара ўтказиш пунктларида транспорт воситаларини ўтказиш навигация пломбаларини мажбурий ўрнатмасдан амалга оширилмоқда.
AIRCUZ’га Россия ва ЕОИИнинг бошқа давлатларида божхона органлари ҳамда навигация пломбалари операторлари Қозоғистонда ўрнатилган навигация пломбаларини қабул қилишдан бош тортаётгани ҳақида мурожаатлар келиб тушмоқда.
Шу муносабат билан автоташувчилардан қуйидагиларга амал қилишларини сўраймиз:
1️⃣ Навигация пломбаларини ташлаб юборманг — бу жарима санкцияларига олиб келиши мумкин.
2️⃣ Навигация пломбаларини шикастламанг ва мустақил равишда бузманг.
3️⃣ Пломбаларни Қозоғистондаги навигация пломбалари операторига қайтаринг. Буни сиз учун қулай бўлган ҳар қандай жойда, жумладан, ушбу пломбалар ўрнатилган Ўзбекистон–Қозоғистон чегара ўтказиш пунктларида амалга ошириш мумкин.
📌 AIRCUZ вазиятни кузатиб боради ва қўшимча маълумотлар келиб тушиши билан ташувчиларни хабардор қилади.