2021 йилнинг 25 майидан эътиборан дунё бўйлаб, Халқаро йўлларда ташиш китобчасини қўллаган ҳолда юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги божхона конвенциясинининг (Женева, 1975 йил) янги 11-иловаси, содда қилиб айтганда «еТIR халқаро тизими» — ТИР — карнет китобчалари асосида ташувларни электрон расмийлаштиришни назарда тутувчи тартиб-таомилларга хуқуқий асос расман кучга кирди.   Мазкур сана муносабати билан жорий йилнинг 25 май куни Женева шаҳрида Бирлашган миллатлар ташкилоти Европа иқтисодий комиссияси ва Халқаро автомобиль транспорти иттифоқи томонидан халқаро анжуман ташкил қилинди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон халқаро автомобилда ташувчилар уюшмаси (AIRCUZ) ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги ваколатхонаси вакилларидан иборат делегация иштирок этди. Анжуманда Озарбайжон, Эрон, Грузия, Молдова, Покистон, Тожикистон ва Туркия делегациялари ҳам ҳам қатнашдилар. Амалиётда асосан TIR Конвенцияси деб аталадиган муҳим халқаро ҳужжатнинг 11-иловаси барча аҳдлашувчи томонларган электрон TIR китобчасидан фойдаланган ҳолда, маълумотлар алмашинуви орқали трансчегравий ташувларни амалга оширишга имкон яратади. Содда қилиб айтганда, мазкур тизим миллий божхона тизимлари ўртасида товар ва транспорт воситалари, контейнерларнинг халқаро транзити учун хавфсиз маълумотлар алмашинувини таъминлашга хизмат қилади.   Европа иқтисодий комиссияси маълумотларига кўра, келажакда еТIR халқаро тизими имкониятларидан 34 мингдан ортиқ транспорт ва логистика компаниялари фойдаланиши, мазкур тизим трансчегаравий ташув вақтини 92 фоизгача, ҳаражатларни эса 50 фоизгача камайтириш имконини беради. Анжуманда ТИР-карнет китобчалари асосида ташувларни электрон расмийлаштириш борасида Ўзбекистон тажрибаси ҳам алоҳида эътироф этилди. Муҳтарам Президентимизнинг 2020 йил 5 июндаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6005-сонли Фармони билан тасдиқланган 2020-2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш, божхона органлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган концепцияда Ўзбекистон Республикасида ТИР-карнет китобчалари асосида ташувларни электрон расмийлаштиришни назарда тутувчи еТIR лойиҳасини жорий этиш белгиланган. Мазкур Фармон ижросидан келиб чиқиб, еТIR лойиҳаси синов тарзида илк бор 2020 йилнинг нобярь ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида йўлга қўйилган бўлса, жорий йилнинг май ойидан бошлаб, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ташувларларда ҳам ушбу лойиҳа қўлланила бошланди.