Ўзбекистон Республикаси Президенти Тошкент–Самарқанд пуллик автомобил йўлининг тамал тошини қўйди.
Олти қаторли автомобил йўлининг узунлиги 282 километрни ташкил қилади. Лойиҳа доирасида 92та кўприк, 28та йўл ўтказгич ва 60та пиёдалар учун ерости ўтиш йўли қурилиши кўзда тутилган.
Пуллик йўл 2,2 миллиард АҚШ долларига баҳоланмоқда. Унинг қурилиши 2030 йилда якунланиши режалаштирилган.
Ушбу иншоот фойдаланишга топширилгач, Тошкент ва Самарқанд ўртасидаги йўл юриш вақти 2,5 соатгача қисқаради, юк ташиш харажатлари еса 19–24 фоизга камаяди.
Йўл қопламаси оғир ва тез ҳаракатланувчи транспорт воситалари юкламасига бардош беришга мўлжалланган мустаҳкам монолит бетондан қурилади. Йўлнинг ясси жойларида соатига 150 километргача тезликда ҳаракатланиш кўзда тутилган.
Йўлнинг ўтказиш қобилияти кунига 60 000–80 000та транспорт воситасини ташкил этиши кутилмоқда.
Ҳисоб-китоблар юк ташиш харажатлари 19–24 фоизга камайишини кўрсатмоқда. Бу айниқса тез бузиладиган мева-сабзавотлар, гўшт, сут ва бошқа маҳсулотларнинг бозорларга тез ҳамда сифатли етказиб берилиши учун муҳим аҳамиятга эга.
Янги йўл Фарғона водийси ҳамда мамлакатнинг марказий ҳудудларини унинг жанубий ва ғарбий ҳудудлари билан боғловчи муҳим бўғин вазифасини ўтайди. Шунингдек, у халқаро транспорт йўлаклари самарадорлигини оширади ва Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги транспорт-логистика маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди.