Миср Қоҳирада TIR кафолат шартномасини имзолаш орқали халқаро автомобил транспорти ва савдосини янада самарали, хавфсиз ва узлуксиз ташкил этиш йўлида муҳим қадам ташлади.

Миср Савдо палаталари федерацияси (FEDCOC) — IRU аъзоси ва Мисрнинг TIR бўйича миллий кафолатловчи уюшмаси — Миср божхона идораси билан TIR кафолати тўғрисидаги битимни имзолади. Ушбу битим Мисрда TIR тизимини жорий этишга йўл очиб, мамлакатнинг стратегик савдо ва транзит маркази сифатидаги ролини мустаҳкамлайди.

Маросимда ҳукумат идоралари ва хусусий секторнинг юқори мартабали вакиллари, жумладан, Молия вазири Aҳмед Кушук, Транспорт вазири, генерал-лейтенант Камел Ал-Вазир, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Муҳаммад Фарид ҳамда FEDCOC раиси Aҳмед Ал-Вакил иштирок этдилар.

“Бугун барчамизни умумий мақсад бирлаштириб турибди: трансчегаравий транспорт қатновини осонроқ, хавфсизроқ ва башорат қилишга қулайроқ қилиш”, — деди IRU Бош котиби Умберто де Претто тадбирни очиб берар экан.

“Чегаралар самаралироқ ишлаганда бизнес ривожланади, аҳолига кўрсатиладиган хизматлар яхшиланади ва иқтисодиётлар ўзаро чамбарчас боғланади. Самарали автомобил транспорти халқаро савдонинг пойдеворидир”, — дея қўшимча қилди у.

TIR — ягона глобал божхона транзити тизими. У ягона халқаро кафолат асосида юкларни бир неча давлат чегаралари орқали ташиш имконини беради; бу эса такрорий божхона текширувларига бўлган еҳтиёжни камайтириш билан бирга, давлат органларига транзит операцияларини бошқариш учун хавфсиз ва халқаро миқёсда тан олинган тизимни тақдим этади.

Миср учун ушбу келишув халқаро автомобил юк ташишларини кенгайтиришда муҳим пойдевор яратади. Юк ташувчилар Миср ҳамда минтақа ва ундан ташқаридаги асосий бозорлар ўртасидаги етказиб бериш вақти ва харажатларини сезиларли даражада қисқартириш имконига эга бўладилар. TIR тизими чегара кесиб ўтиш вақтини 92 фоизгача қисқартириш ва транспорт харажатларини 50 фоизгача камайтириш имконини беради.

Шунингдек, ушбу келишув давлат ва хусусий секторлар ўртасидаги яқин ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлайди. Божхона органлари қоидаларга риоя этилишини таъминлаш, давлат чегараларини ҳимоя қилиш ва савдо оқимлари хавфсизлигини таъминлашда муҳим рол ўйнайди.

“Бугун гап шунчаки техник келишув ҳақида кетмаяпти, — деб таъкидлади Умберто де Претто. Бу — ишонч, ҳамкорлик ҳамда савдони соддароқ, хавфсизроқ ва самаралироқ қилишга қаратилган муштарак интилиш масаласидир. Чегарада тежалган ҳар бир соат муҳим аҳамиятга эга”.

Кўп йиллар давомида IRU минтақада TIR тизимидан фойдаланиш кўламини кенгайтиришни қўллаб-қувватлаб келмоқда.

“Биз бутун минтақа бўйлаб мисли кўрилмаган муваффақиятларга гувоҳ бўлмоқдамиз: Саудия Aрабистони, Бирлашган Aраб Aмирликлари, Қатар ва Ироқ каби мамлакатлар савдони ривожлантириш, транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда иқтисодий ўсишни рағбатлантириш мақсадида TIR тизимидан тобора кенгроқ фойдаланмоқда, — дея хулоса қилди Умберто де Претто. Эндиликда Миср ҳам ушбу муваффақият тарихининг бир қисмига айланишга тайёр.”

Манба.