Миллий ташувчиларнинг мурожаатлари асосида AIRCUZ уюшмаси Божхона қўмитаси билан транспорт воситасининг божхона муҳрлари ва пломбалари остида юк ташишга рухсат этилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштириш масаласи юзасидан мувофиқлаштириш ишларини олиб борди.

📌 Божхона қўмитаси маълумотига кўра, 1975 йилдаги МДП (TIR) Конвенцияси талабларига мувофиқ мазкур гувоҳнома А3 ёки А4 форматда расмийлаштирилиши мумкин.

📄 Шу билан бирга, гувоҳнома А4 форматда чоп этилган тақдирда, унинг ҳар бир саҳифаси божхона органининг муҳри билан тасдиқланган бўлиши шарт.

Айни вақтда мазкур ҳужжат миллий ахборот тизими орқали QR-код ва электрон рақамли имзо билан шакллантирилмоқда.

⚠️ Миллий ташувчилар томонидан хорижий давлатлар ҳудудида (хусусан, Беларусь Республикасида) ушбу ҳужжатни текшириш билан боғлиқ айрим муаммолар юзага келаётгани маълум қилинмоқда.

Шу муносабат билан Божхона қўмитаси ташувчилар А4 форматда чоп этилган гувоҳномаларининг ҳар бир саҳифасини тасдиқлатиш учун республиканинг исталган божхона органига мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қилди.

AIRCUZ миллий ташувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда халқаро ташувлар жараёнида юзага келаётган амалий масалаларни ҳал этиш бўйича тегишли давлат органлари билан ҳамкорликни давом эттиради.