Қирғизистон–Хитой чегарасида жойлашган «Торугарт – автойўл» назорат-ўтказиш пунктида юк машиналари учун электрон навбат тизимининг пилот лойиҳаси ишга туширилди. Бу ҳақда Қирғизистон Давлат божхона хизмати маълум қилди.
Идора маълумотига кўра, онлайн навбатни брон қилиш тизими чегарада юк машиналарининг мунтазам равишда тўпланиб қолиш муаммосини ҳал этишга ёрдам беради. Айрим ҳолларда навбат узунлиги 25 километргача етиб борган.
Янги тизимга кўра, юк машиналари аввалдан электрон навбатда рўйхатдан ўтади, сўнгра Хитой чегарасига яқин жойлашган «Қора-Булоқ» кутиш ҳудудига жойлаштирилади. Кейин улар навбат тартибида назорат-ўтказиш пунктига чақирилади.