2025 йил 1 январдан бошлаб Латвия Республикаси ҳудудига киришда янги талаб кучга киради. Унга кўра, бакларидаги ёнилғи ҳажми 200 литрдан ортиқ бўлган тижорат автотранспорт воситаларининг кириши тақиқланади.
Қонунчиликка киритилган ўзгартишларда қуйидагилар қайд этилган:
“(9) Латвия Республикаси ҳудудига аъзо давлат бўлмаган хорижий давлатдан, ушбу Қонуннинг 2-моддасининг 3.1-қисмида кўрсатилган ҳудудлардан, Оланд ороллари ёки Норманд оролларидан кириб келаётган аниқ тижорат автотранспорт воситасининг эксплуатациясини таъминлаш учун керак бўлган, Европа Иттифоқи Кенгашининг 2009 йил ноябрдаги 1186/2009-сонли Регламенти (кейинги ўринларда – Регламент № 1186/2009) 108-моддасига мувофиқ божхона тўловларидан озод қилинган нефть маҳсулотлари (ёнилғи) ҳажми 200 литргача. Аъзо давлат бўлмаган хорижий давлатдан, ушбу Қонуннинг 2-моддасининг 3.1-қисмида кўрсатилган ҳудудлардан, Оланд ороллари ёки Норманд оролларидан Латвия Республикаси ҳудудига, агар унинг ёнилғи бакларидаги ёнилғи ҳажми 200 литрдан ортиқ бўлса, тижорат автотранспорт воситасининг кириши тақиқланади.”
Бу талаб Европанинг аъзо давлатлари бўлмаган давлатлардан, шунингдек, қонун ҳужжатларида кўрсатилган ҳудудлардан (Оланд ороллари, Норманд ороллари ва бошқалар) кириб келаётган тижорат автотранспорт воситаларига нисбатан амал қилади.
Эндиликда юк ташувчилар йўналишлар ва юк ташиш режаларини тузишда ушбу лимитни ҳисобга олишлари лозим. Агар ушбу талабга риоя қилинмаса, Латвия ҳудудига кириш тақиқланади.