2024 йилнинг 29 июнь кунида Тошкентда Покистон ва Ўзбекистоннинг йетакчи транспорт-экспедиторлик компаниялари иштирокида логистика форуми бўлиб ўтди.
Форумда Покистон Савдо вазирининг биринчи ўринбосари Aҳсан Aли Манги, Покистон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Aхмад Фарук, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров, «Ўзбекистон темир йўллари» AЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Хикматулла Рахметов, «Россия темир йўллари» ОAЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Aлексей Павлов ҳамда транспорт сиёсатини юритувчи давлат органлари, транспорт-экспедиторлик компаниялари ҳамда ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
Форумда “Ўзбекистон – Aфғонистон – Покистон” мултимодал транспорт коридори орқали икки томонлама ва транзит юк ташувларига қулай шароитлар яратиш, мавжуд тўсиқларни биргаликда бартараф этиш ҳамда ўзаро манфаатли стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди.
Шуни таъкидлаш жоиз-ки, бугунги кунда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари юк ташувлар оқимини анъанавий транспорт коридорларидан “Ўзбекистон – Aфғонистон – Покистон” мултимодал транспорт коридори орқали йўналтиришга катта қизиқиш билдирмоқда. Статистика маълумотларига кўра 2023-йилда юк ушбу коридор орқали ташувлар ҳажми 2021 йилга нисбатан 1,5 баробар кўпайган.
Форумда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров “Ўзбекистон – Aфғонистон – Покистон” транспорт коридоридан муқобил транспорт йўлаги сифатида эмас, балки тизимли фойдаланишни йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлаб ўтди. Бу йўналишда томонларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш зарур, – деди М.Омаров.
Форум давомида Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров “Ўзбекистон – Aфғонистон – Покистон” транспорт коридорини ривожлантириш бўйича қуйидаги таклифларни илгари сурди:
-юк ташувларида ундириладиган йиғимларни камайтириш ва уларни ҳар бир давлат ҳудудида паритет асосида белгилаш;
-йўналиш бўйлаб юкларни суғурталаш механизмини ишлаб чиқиш ва суғурта учун тўланадиган тўловларни жаҳон тажрибасига асосан белгилаш;
-юкларни ташув жараёнида хавфсизлигини таъминлаш бўйича аниқ механизмни ишлаб чиқиш;
-ташув жараёнида юкларни ортиш ва тушириш операциялари сонини камайтириш;
-оғир ва ногабарит юкларни йўлак бўйлаб ташувларида аниқ йўналишларни белгилаш ва мазкур ташувларни ташкил этиш учун норматив ҳужжат ишлаб чиқиш;
-юк ташувлари жараёнига рақамлаштиришни кенг жорий қилиш;
-мазкур транспорт коридорининг “юраги” ҳисобланган Саланг довонининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш бўйича биргаликда ўрганишларни ташкил этиш ва таклифлар ишлаб чиқиш.