Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири Илҳом Махкамов Остона шаҳрида Қозоғистон Республикаси Транспорт вазири Марат Карабайев билан ишчи учрашуви ўтказди.
Учрашувда томонлар ҳамкорликнинг асосий йўналишлари, халқаро транспорт коридорларини ривожлантириш, темир йўл ва автомобил транспорти, транспорт инфратузилмасини қуриш йўналишида ўзаро ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама этишди.
Хусусан, “Ўзбекистон – Aфғонистон – Покистон” темир йўл қурилиши лойиҳасини ҳамкорликда амалга ошириш, “Беларус – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Aфғонистон – Покистон” мултимодал транспорт коридорини биргаликда ривожлантириш ва юк ташиш ҳужжатларини рақамлаштириш орқали ташувларни янада тезлаштириш билан боғлиқ жиҳатлар кўриб чиқилди.
Термиз – Мозори-Шариф – Қобул – Пешовар темир йўли қурилиши борасида Қозоғистон томони Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. – “Ишончим комилки, лойиҳанинг амалга оширилиши Марказий Осиё мамлакатлари учун минтақавий коммуникациялар ва савдони ривожлантиришга хизмат қилади, чунки Жанубий Осиё минтақасининг йирик денгиз портларига чиқиш йўллари очилади”, – деди Қозоғистон Транспорт вазири Марат Карабайев.
Бугунги кунда икки давлат ўртасида автомобил транспортида халқаро юк ташувлари соҳасида қулай шарт-шароитларни яратиш, ушбу жараёнга замонавий рақамли технологияларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, юк ташувлари жараёнини жадаллаштириш мақсадида мамлакатлар ўртасида рухсатнома бланкаларини электрон алмашиш «E-Permit» тизими амалиётга татбиқ этилганлигини томонлар мамнуният билан қайд этиб ўтишди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида 2024-2025-йилларда транспорт ва логистика соҳасидаги стратегик ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси”ни имзоладилар.