Ўзбекистон ва Туркманистон чегарасида савдо зонасини ташкил этиш тасдиқланди.

Шавкат Мирзиёев 28 феврал куни Ўзбекистон—Туркманистон эркин савдо зонасини ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг ҳуқуқий ахборот канали хабар бермоқда.

Янги зона Хоразмнинг Шовот туманида 3,1 гектар майдонда жойлашади. Бу ерда товарларни сақлаш, саралаш, сотиш, шунингдек транспорт ва бошқа хизматлар учун инфратузилма яратилади.

Зона ичида Ўзбекистон ва Туркманистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни “эркин божхона зонаси” режимида сотишга рухсат берилади. Бу ерда замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда маҳсулотларни қабул қилиш, сақлаш ва саралаш ҳам ташкил этилади.

Зонадаги тадбиркорлар учун божхона, солиқ, сертификатлаштириш, фитосанитария, ветеринария ва транспорт хизматларини кўрсатадиган “Ягона ойна” маркази очилади. Шунингдек, банк ва валюта айирбошлаш шохобчалари, меҳмонхоналар, тиббиёт маркази ва бошқа инфратузилмани жиҳозлаш бўйича топшириқлар берилди.

Зона ҳудудига кириш алоҳида назорат пунктлари орқали ташкил этилади. Туркманистон фуқаролари, шунингдек қўшни мамлакатга ташриф буюрган чет элликлар бу ерда 15 кунгача визасиз қолишлари мумкин.

Эркин савдо зонаси “Ҳазорасп” ЭИЗ дирекцияси томонидан бошқарилади. Зона 30 йил давомида янада кенгайтириш имконияти билан яратилган.

Савдо ҳудудидаги бино ва иншоотлар тадбиркорлик субектларига онлайн аукционлар орқали ижарага берилади. Дирекцияга Хоразм вилояти ҳокимлиги ва қурилиш вазирлиги билан биргаликда зонанинг бош режасини ва ичкаридаги объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш топширилди.

Шовот-Дашогуз чегара пунктида савдо зонаси қурилиши 2022-йил октабр ойида ишга туширилган эди. Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга ташрифи арафасида зонани яратиш ва унинг фаолиятини тартибга солиш тўғрисидаги протокол имзоланди.

Манбаа.