Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария назорати ва назорат қўмитаси Россия Федерацияси ҳудудидаги мураккаб эпизоотик вазият муносабати билан 2026 йил 24 февралдан бошлаб айрим турдаги чорвачилик маҳсулотларини олиб кириш ва транзитига вақтинча чекловлар жорий қилди.

Чекловлар Қозоғистон ҳудудига олиб кириш ва транзит орқали қуйидаги маҳсулотларга нисбатан татбиқ этилади:

— тирик қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари;

— улардан олинган генетик материаллар;

— гўшт ва гўшт маҳсулотлари;

— сут ва сут маҳсулотлари;

— термик ишловдан ўтмаган бошқа ҳайвончилик маҳсулотлари;

— ҳайвонларни сақлаш, сўйиш ва қайта ишлашда ишлатилган ускуналар;

— овчилик трофейлари;

— ҳайвонлар учун ем-хашак ва ем қўшимчалари.

Мазкур чекловлар Россия Федерациясининг Волгоград, Саратов, Самара, Челябинск, Тюмень, Қурғон, Оренбург ва бошқа вилоятлари ҳудудларидан ёки улар орқали ташилаётган юкларга нисбатан амал қилади.

Шу билан бирга, Қозоғистон томони чекловлар Беларусь Республикасидан келиб чиққан ҳайвончилик маҳсулотларига (тирик ҳайвонлардан ташқари) татбиқ этилмаслигини маълум қилди.

Шунингдек, Беларусь Республикасида ишлаб чиқарилган ҳайвончилик маҳсулотларини (тирик ҳайвонлардан ташқари) Қозоғистон ҳудуди орқали транзит тарзда фақат Ўзбекистон Республикасига етказишга рухсат берилган.

Чекловларнинг амал қилиш муддати ҳозирча белгиланмаган.

Манба.