Россиянинг Саратов вилояти ҳокимияти Қозоғистон билан чегарадаги «Фомин–Қозталовка» автомобил-назорат пунктини тиклашни таклиф қилмоқда. Мазкур пункт 2010 йилда ёпилган эди. Лойиҳа тахминий 7 миллиард рублга баҳоланмоқда ва у йилига 260 минг автотранспортни қабул қилиш имкониятига эга бўлади.

Губернатор Роман Бусаргин таъкидлашича, бу пункт нафақат чегара ҳудудларидаги иқтисодий фаолликни оширади, балки Россия ва Қозоғистон ўртасидаги логистик йўналишларни ҳам диверсификация қилади. Хусусан, 2022 йилдан сўнг Қозоғистон Россия учун устувор транзит ҳамкорга айланди.

Мазкур пункт товарлар тижорат юклари учун очиқ бўлади ва Жанубий Осиё ҳамда Яқин Шарқ мамлакатлари билан алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади.

Ҳужжатларда кўрсатилишича, пункт орқали йилига тахминан 262 минг автомашина, шундан 114 минг юк машинаси ўтишини кутиш мумкин. Яқин атрофда жойлашган Александр-Гай, Питер ва Новоузен туманлари учун бу инфратузилма катта ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.

Манба.