Жорий йилнинг 28-30 май кунлари Саудия Aрабистонининг Aр-Риёз шаҳрида “Кўрфаз араб давлатлари – Марказий Осиё” инвестиция форуми бўлиб ўтди. Инвестиция форумида давлат, ҳукумат, бизнес ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳамда нуфузли экспертлар иштирок этишди.
Форумда ўзаро фаровонликка эришиш мақсадида турли соҳалардаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда Кўрфаз араб давлатлари ва Марказий Осиё минтақаси ўртасидаги сармоявий алоқаларни ривожлантириш йўллари муҳокама этилди.
Форумнинг инфратузилма масалалари йўналишида бўлиб ўтган панел сессияси ишида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров қатнашди.
М.Омаров форум иштирокчиларига мамлакатимизда транспорт ва логистика соҳасидаги мавжуд имкониятлар, ҳамда мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилган натижалар ва истиқболли лойиҳалар юзасидан батафсил маълумот берди.
Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров Кўрфаз араб давлатлари ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги тарихий ва маданий алоқаларнинг чуқур илдизи бугунги кунда савдо ҳажмини ошириш ва шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда стратегик сармоявий мулоқотни ривожлантиришга замин бўлиб хизмат қилаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Панел сессия модератори A.Моткин ва хорижий экспертлар қўшни давлатларда логистика йўналишида трансформация жараёнлари энди олиб борилаётган бир вақтда Ўзбекистоннинг ушбу соҳада эришган ютуқлари Кўрфаз араб давлатлари ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришда ўзига хос кўприк бўлиб хизмат қилаётганини эътироф этишди.