2025 йил 24-24 апрел кунлари Бишкекда Марказий Осиё мамлакатлари савдосига кўмаклашиш Миллий қўмиталарининг 13-минтақавий йиғилиши бўлиб ўтди ва унда AIRCUZ вакиллари ҳам иштирок этдилар. Тадбир Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо-сотиқни осонлаштириш соҳасидаги минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг муҳим масалаларини муҳокама қилиш учун муҳим майдонга айланди. Ушбу форматдаги учрашувлар Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) кўмагида мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда ва минтақанинг савдо ва транспорт алоқаларини ривожлантириш ҳамда унинг транзит салоҳиятини оширишга қаратилган барқарор ва узоқ муддатли ечимларни излашда барча Марказий Осиё давлатларининг давлат ва хусусий секторлари ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Минтақавий йиғилиш савдони осонлаштиришни тартибга солиш ва амалга ошириш билан шуғулланувчи асосий манфаатдор томонларни, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон давлат ва хусусий сектор вакиллари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва ривожланиш бўйича ҳамкорларни бирлаштирди. Тадбир давомида AIRCUZ вакиллари Ўзбекистон ташувчилари томонидан Марказий Осиё давлатлари ҳудуди бўйлаб халқаро автомобил юк ташувларини амалга оширишда дуч келадиган қийинчилик ва муаммолар ҳақида тақдимот қилдилар ҳамда юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ таклифлар билдирдилар.

Учрашув давомида иштирокчилар, жумладан, Марказий Осиёда савдони йенгиллаштириш бўйича чора-тадбирлар самарадорлиги, хусусий сектор томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни баҳолаш, “Business Ready”  ва “Логистика самарадорлиги Индекси” (LPI). каби халқаро рейтинглардан фойдаланиш масалаларини муҳокама қилдилар. Савдо тартиб-қоидаларини рақамлаштириш ва қоғозсиз савдо масалаларига, шу жумладан савдо тартиб-қоидаларини соддалаштириш учун сунъий интеллектдан фойдаланишнинг илғор тажрибаларига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар томонидан минтақанинг савдо ва транспорт кун тартибидаги кўплаб муҳим масалалар юзасидан фаол фикр алмашилди, унинг логистика ва транспорт салоҳиятини янада ошириш бўйича аниқ мақсад ва вазифалар ишлаб чиқилди.